DataLife Engine / Ёшлар ўртасидаги жиноятчиликни олдини олиш барчамизнинг масъулиятимиздадир.

Ёшлар ўртасидаги жиноятчиликни олдини олиш барчамизнинг масъулиятимиздадир.

Маълумингизким, ёшлар ҳуқуқбузарлиги ва жиноятчилигига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган “Тунги рейд”, “Тиғ рейди” ва “Давомат рейд”лари орқали бу иллат йилдан йилга камаймоқда. Лекин, ҳаётда ўз йўлини топа олмай, ёшлигини завол топтириб, умрини енгил-елпи мақсадларга сарфлаётган ёшлар ҳам орамизда талайгина топилади. Хусусан, Янгиариқлик Шоҳрузхон Аминбоев (исм-фамилияси ўзгартирилган) исмли йигитнинг ҳуқуқий маданиятининг пастлиги сабаб содир қилган жинояти учун бугун ота-онаси ва ёру-биродарлари олдида боши эгик, юзи шувут. Қўштирноқ ичидаги “қаҳрамонимиз” эндигина 20 ёшдан ўтган, юрагида ўти, билагида арслондек кучи бор ёшда, иттифоқо унинг ишқи Хазорасп туманида яшовчи М.Кга тушади ва ғойибона ҳамда пинҳона телефонда гаплашиб, учрашиб юради. Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек кетаётган эди, аммо......... 2021 йил 14 октябрь куни отаси ва оғайнилари билан биргаликда ишлаб чарчаган Ш.А., уларнинг ишидан мамнун бўлиб, уй эгаси томонидан дастурхонга кечки овқат билан бирга чиқариб қўйилган спиртли ичимликдан истеъмол қилди-ю, шайтон васвасасига тушиб кўнгли севгилиси билан учрашишни тусаб қолди ва қизнинг ҳарчанд “келманг” дейишига қарамасдан кечки пайт соат 23:30ларда спиртли ичимлик ичиб, маст бўлгани ҳолда Хазорасп туманидаги севган қизининг олдига бориш учун пиёда йўлга чиқди ва фуқаро Ш.Ёнинг уйининг олдига келганида унинг уйининг олдида оқ рангли “Дамас” русумли автомашинаси турганлигини кўриб, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжати умуман мавжуд бўлмасада, кўча қоронғи эканлиги ва у ерда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, унда ушбу “Дамас” автомашинасини ҳайдаш мақсади пайдо бўлиб, эшигини тортиб кўрганида очиқлиги, калити ўзида турганлигини кўриб, мазкур автомашинани миниб қочади ва “Боғот-Янгиариқ-Хива” йўлига чиқиб, машинани ҳайдаб Боғот тумани томонига қараб бошқариб бораётганида маст ҳолатда, ичимлик таъсирида йўлнинг қатнов қисмида бошқарувни йўқотиши натижасида “Дамас” автомашинасини ағдарилиб, пачоқланишига сабаб бўлади. Шундан кейин ҳам қилиб қўйган ишидан кўзи очилмаган, жони омон қолиб, ўзига ҳеч нарса қилмаганига шукур қилмаган, ичимлик таъсирида ақли хира тортган Ш.А. ерда ағанаб, бир аҳволда қолган машинадан амаллаб ташқарига чиқиб олиб, яна пиёдалаб Боғот тумани томонга қараб юради ва тунги соат 01:00ларда шу ердаги уйликларнинг орасидаги нотаниш бир уйнинг, шу уй эгасининг эътиборсизлиги сабаб очиқ қолдирилган гараж ичкарисига кириб, ичида оқ рангли “Нексия-3” русумли автомашина турганлигини ва унинг ҳам эшиклари очиқ бўлиб калити ўзида турганлигини кўриб, ушбу автомашинани ҳам олиб қочади. “Бузоқнинг югургани – сомонхонагача” дейди доно халқимиз, бир кечада шунча қилғиликни қилган Шоҳрузбек осон қутулиб кета олмади. Уни олиб қочилган автомашинани сархуш ва карахт аҳволда бошқариб келаётганида йўл патрул хизмати ходимлари тўхтатадилар ва уёғига тергов-суриштирув ишлари олиб борилиб, Ш.А.га нисбатан бўлган жиноят иши ҳужжатлари судга оширилади. Албатта, жиноят жазосиз қолмайди. Жиноят ишлари бўйича Боғот туман судининг ҳукми билан Ш.А. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилди ва унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Афсус, оиласи бағрида, дўстлари даврасида юрган йигитчанинг ўйламай босган биргина қадами унинг айни навқирон даврининг бир қисмини панжара ортида ўтказишга етаклади. Ўйланиб қоласан киши, бундай жиноятлар “Қилаётган лойиҳаларимиз, тадбирларимиз самара беряптими?”, “Жиноятнинг илдизи ишсизликка, оиладаги носоғлом муҳит, тарбиядаги лоқайдлик ва бефарқликка бориб тақалмаяптими?” деган саволларни келтириб чиқаради. Шунинг учун, рўй берган жиноятчиликнинг аксарияти ёшлар томонидан амалга оширилаётганлиги барча мутасаддиларни сергак бўлишга, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабабларини ёшлар иштирокида тез-тез муҳокама қилишга, бундай кўнгилсизликларни барвақт олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилаб олишга ва тумандаги ёшлар ўртасида турли мусобақалар, кўнгилочар беллашувлар ва бошқа тадбирларни ташкиллаштиришга чақириб қоламан.   Жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди раиси                                                                          Ҳ.Саидов
25-05-2022, 03:29
Вернуться назад